Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:50

Самарқандлик ишчилар судланган инженер раҳбар бўлганидан арз қилди


Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимлар зўравонлик билан ўзига яқин одамларни юқори лавозимдаги мансабларга жойлаштираётганидан Озодликка кўп шикоят бўлади.
Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимлар зўравонлик билан ўзига яқин одамларни юқори лавозимдаги мансабларга жойлаштираётганидан Озодликка кўп шикоят бўлади.

Самарқандда вилоят ҳокими ўринбосари давлат мулкини ўзлаштиришда айбланган собиқ бош инженерни каттагина корхонага директор қилиб тайинлаганидан Озодликка шикоят бўлди. Корхонанинг норози ишчилари иддаосича, ҳоким ўринбосари кимки бу номзодга қарши чиқса "ишдан ҳайдалади” деб пўписа қилган.

Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Олим Очилов 19 август куни “Иссиқлик манбаи” очиқ турдаги ҳиссадорлик жамиятига ўз "одам"ини тайинлагани хусусида Озодликка арз бўлди.

Озодликка хабар берган корхона ишчилари иддаосича, ҳоким мажлисда бундан бир йил олдин иқтисодий жиноятлари учун жавобгарликка тортилган собиқ бош инженерни ишчилар эътирозига қарамай директор қилиб тайинлаган:

- Вилоят ҳокими муовини келиб: “Кимда-ким Ўсаровнинг номзодига қарши чиқса, ишдан ҳайдатаман, эзиб йўқ қилиб юбораман!” деб бақирди. Ҳар битта ишчини турғизиб қаршимисан, деб сўради. Албатта, ҳеч ким йўқ дея олмади, - дейди корхона ишчиси.

Исмини ошкор қилмаган бошқа бир ишчининг даъвосича, собиқ бош инженер 2013 йилнинг июнь ойида иқтисодий жиноятларда айбланиб, суд қилинган ва унга шартли жазо берилган.

- Мана қўлимда ўша ҳукм турибди. Ҳали жазо муддати ҳам тугамаган, - деб даъво қилди исмини ошкор қилишни истамаган ишчи.

Корхона ишчиларининг даъвосича, ҳоким ўринбосарининг бу ҳатти-ҳаракати Ўзбекистон қонунчилигига тамоман зиддир ва ҳоким ўринбосари ўзига яқин одамларни ўзи истаган мансабларга қўймоқда.

Озодлик иқтисодий жиноятларда айбланиб, судга тортилгани иддао қилинган инженер билан боғланишга ҳаракат қилди, аммо муваффақ бўлмади.

Шунингдек, Самарқанд вилояти ҳокимлигига боғланган Озодлик мухбири ҳоким ўринбосари Олим Очилов билан ҳам гаплашишга муваффақ бўлмади.

******************************************************************************
Муҳтарам муштарий, агар сизни ҳам ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

OzodMikrofon сизга мунтазир!

OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG