Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:21

Исроилнинг Ғазо секторига ҳужумида ўнлаб фаластинлик нобуд бўлди


30 июль куни Ғазо минтақасида Исроилнинг ҲАМАСга қарши ҳарбий амалиётлари давомида ўнлаб фаластинлик, жумладан, 16 нафар бола ҳалок бўлди. 30 июль куни эрталаб ўққа тутилган болалар БМТнинг қочқинлар лагерида ташкил этилган мактаб ўқувчиларидир.

Исроил армияси ҳарбийлари юзлаб фаластинлик қочқин бошпана топган Ғазо секторидаги БМТ мактабини нишонга олгани оқибатида камида 16 фаластинлик бола нобуд бўлди.

БМТ расмийларига кўра, Исроил ҳарбийлари 30 июль куни эрта тонгда Ғазога уюштирган ҳужумларида 125 фаластинлик жароҳат олган.

Исроил ҳарбийлари эълон қилган баёнотда фаластинлик жангчилар мактаб ҳудудидан Исроилга қарата минамётдан ўт очгани ва унга Исроил ҳарбийлари жавоб қайтаргани иддао қилинган.

The Guardian нашрига кўра, БМТ даги манба мактаб ҳудудида фаластинлик жангчилар фаолият олиб борганини тасдиқловчи далиллар йўқлигини урғулаган. Воқеа юзасидан текширув олиб борилмоқда.

Британиядаги Independent нашрининг ёзишича, чоршанба куни бомбардимон қилинган Жабалия Ғазо секторидаги энг йирик қочқинлар лагери ҳисобланади.

Исроил ва Ҳамас жангчилари ўртасида давом этаётган отишмалардан жон сақлаш учун 120 минг фаластинлик Жабалия лагерида бошпана топган.

Сўнгги ҳафталар давомида Исроил расмийлари Ғазодаги урушдан кўзланган мақсад ер остидан Исроил ҳудудига ўтиладиган ҲАМАСнинг “террор тунеллари”ни йўқ қилишдан иборат эканини таъкидлаб келмоқда.

ҲАМАС жангчилари исроиллик 10 аскарни ўлдирганидан сўнг Исроил Ғазодаги йирик инфратузилмалар ва ҲАМАС тимсолини акс эттирувчи объектларга ҳаводан шиддатли ҳужумлар уюштира бошлади.

Сешанба куни Исроил учқичлари Ғазо секторидаги 60та объектга зарбалар берди.

29 июлдан бошлаб Ғазо минтақаси электр таъминотисиз қолди. Бунга Ғазодаги электр станциясининг ўққа тутилгани сабаб бўлган.

ҲАМАС жангчилари Исроил ҳудудига ракеталар отишини тўхтатиш мақсадида Исроил армияси 8 июль куни Ғазо секторига кенг кўламли ҳужум бошлаганидан бери шу кунгача камида 1284 фаластинлик нобуд бўлди. Уларнинг аксарини тинч аҳоли вакиллари ташкил қилади.

Отишмалар пайтида Исроилнинг 53 аскари ва уч фуқароси ўлди.

XS
SM
MD
LG