Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:01

Нега диктатор устани камситди ëки минор остига кўмилган исëн


Ҳар бир ёш авлод Хивадаги Калта минор афсонасини қайтадан эшитади.
Ҳар бир ёш авлод Хивадаги Калта минор афсонасини қайтадан эшитади.

Хивага Ота дарвозадан кираверишда бир жозибали мовий минорага кўзингиз тушади. Эл орасида Калта минор дейилган бу минора қурилиши 1855 йилда Муҳаммад Аминхон ўлганидан кейин тўхтатилган.

Илк режага кўра 110 метр бўлиши керак бўлган бу минора 29 метр кўтарилгандан кейин бошқа қурилмади.

Ярим минора¸ ярим орзу¸ ярим ният тимсоли каби турибди Калта минор.

Бундан 25 йил олдин минора ҳақида мен бир неча расмлар чизиш асносида унинг тарихини ўрганган эдим.

Бу тарих афсона ва мистика билан тўла эди.

Ўрганганим биринчи ҳикоянинг номини "Бостирилган исëн ҳайкали" деб қўйсак.

Тарих китобларидан ўрганишимча Муҳаммад Амин Хоннинг элга зулм қилгани¸ мамлакат мудофасини ўйламагани ва мулозимларнинг давлат ҳазинасини ошкора ўғирлагани боис мамлакатда хонга қарши қўзғолон кўтарилган.

Қўзғолончилар бошлиғини исми Матëқуб бўлган.

Хон Матëқубни ушлаб олиб янги қурилаëтган миноранинг фундаментига тириклай кўмдирган.

25 йил олдин Хивадаги Тўқтўқбово деган қайроқчи айтиб берган афсонага кўра, фундамент тагидаги Матëқуб ҳали ҳам ўлмасдан оҳ чекиб ëтибди.

Тўқтўқбово эринмасдан мен билан бориб минора фундаментига қулоғини тутди ва "эшит, воҳай - воҳай, деган сас чиқиб турибди" деди.

Мен ҳам қулоғимни кошинга қўйиб, эшитиб қанақадир инграш овозини ҳис қилдим.

Балким Тўқтўқбово мени гипноз қилгандир¸ билмадиму, аммо 15 метр чуқурликдаги фундамент ичидаги исëнчи ҳали ҳам ўлмаганига ўшанда ишонган эдим.

Иккинчи афсонани эса "Устақуш" деб атайлик.

Бу афсонанини турли версияларини Хивада менга бир- биридан фарқли ўндан ортиқ киши ҳикоя қилиб берган.

Ҳикояга кўра¸ Хива хонининг 110 метрлик баланд минора қурганини эшитган конкурент Бухоро хони уста билан келишиб Бухорода ундан ҳам баланд минора қуриш ваъдасини олган.

Бу келишувдан хабардор бўлган Муҳаммад Амин хон минора битган куни устанинг калласини олишга қарор қилган.

Бу гап уста қулоғига етган. (Хоннинг хотинларидан бири чуғуллаган дейишади)

Хуллас, уста ўлимдан қутулиш учун қанот ясаб учиб кетган.

У қанотни қоғоз елим ва қамишдан ясаган дейишади.

Афсонага кўра¸ минора тепасида бўлган уста ғиштларни қоғозга ўраб узатишларини илтимос қилган ва бу қоғозлардан улкан қанот ясаб, учиб кетган.

Афсоналарда устанинг 40 кун очлик қилиб, ўз вазнини камайтиргани ҳам айтилади.

Бу қанот рассом Леонардо Да Винчи ясаган қанотга ўхшаганлиги тахмин қилинади.

Агар шундай бўлса, бу уста Ўзбекистондаги илк авиатордир.

Тахминларга кўра, уста Хивадан сал узоқдаги Дурвадик қишлоғига бориб тушган.

Дурвадик қишлоғидаги чоллар менга уста тушган жойни кўрсатишди.

"Устақўнди" деб аталадиган бу тепаликни Ўзбекистондаги илк аэропорт десак ҳам бўлади.

Булар мен эшитган гаплар. Нотариус тасдиқлаган ҳужжат¸ фото¸ видео ëки бошқа ҳужжатларга эга эмасман бу борада.

Энди нари борса бир эртак¸ бир миш-миш...

Аммо билганимиз шуки, Хивадаги энг узун ва энг гўзал минора бўлиши керак бўлган Калта минор қурилиши Муҳаммад Амин Хон ўлган 1855 йилда тақа- тақ тўхтатилди.

Бор гап шу. Бу гапларни нега бугун эслаганим сабабини ҳам айтсам.

Ҳайкалтарош дўстимиз Илҳом аканинг Ўзбекистон диктатори тарафидан хор қилингани боис мақола ëзиш асносида бу мулоҳазалар кўнглимдан ўтди.

Ҳар холда усталарни хор қилган мустабидларнинг бугун ҳам тириклиги мени маюс қилди.

Бу ëзган битикни ўқиган ҳамкасбим Замира Шукур Ўзбекистон президентининг усталарни хор қилганига оид тафсилотларни қўшсанг маъқул бўлади деб қолди.

Илхом Жабборовнинг мустабидга эътироз билдиргани учун қувғин бўлгани Озодликда эълон қилган мақоламда ëзилди. Каримов тарафидан олдин юксакликка кўтарилиб кейин ерпарчин қилинган рассомлардан бири Баҳодир Жалолдир.

Мустабид асабини қақшатган санъат

Мустақилликкача Тошкентдаги Ленин музейи айвонида қўлини осмонга чўзиб турган Лениннинг 6 метрлик оқ мармар ҳайкали турар эди (Н. Томский яратган ҳайкал - муаллиф). Ҳайкал фонида эса Марказий Осиëда инқилоб ғалабаси акс этган рангин мозаика панноси ўрнатилган эди (Рассомлар В. Замков¸ В Ионина - муаллиф).

Баҳодир Жалол асари
Баҳодир Жалол асари

Мустақилликдан кейин музей айвонидан Ленин ҳайкали бадарға бўлди. Мозаика йўқ қилиниб¸ унинг ўрнига рассом Баҳодир Жалол фреска ишлади.

Фреска марказида от минган Амир Темур тимсолида ҳокимият пирамидасини акс эттирди. Пирамида тепасида эса очиқ турган Усмон Қуръони акс этган. Қуръондан чиқаëтган нур фонида эса Каримовнинг БМТ минбарида ваъз айтаëтгани акс этган.

Ислом Каримов акс этган бу расм Ислом Каримов буйруғига биноан музей деворидан ўчириб ташланган.

Диққат билан расмга қаралса¸ Каримовнинг Қуръондан чиқаëтган нур тўпи орасида йўқ бўлиб кетаëтганини илғаш мумкин эди.

Бу ишорат Оқсарой соҳибига ëқмади чоғи¸ бир-икки йил турган фреска ўчириб ташланди.

Каримовнинг Баҳодир Жалолдан совугани Оқсаройдаги думалоқ хона деворига чизиладиган расм билан боғлиқ ҳолатда аниқ акс этди.

Бу девор учун чизилган эскизнинг ортиқча мураккаблиги Самарқанддаги етимхонада улғайган Каримовнинг жайдари тафаккурида зўриқиш уйғотди. “Нима бу, ҳеч ким тушунмайдиган ажи-бужи?” деди Каримов.

Бу расм Оқсаройга безак бўлиши керак эди, аммо Каримовга ëқмади

“Мана қишлоқда одамлар уй тўрига тоғ манзараси чизиб қўйишади. Оддий ва содда” деб ўз эстетик дидини тиқиштиради рассомлар етакчисига Ислом Каримов.

Ана шундан кейин Каримов тортмадан бир оқ-қора фото чиқариб кўрсатади. Макс Пенсон 1949 йил суратга олган Фарғона манзараси эди бу.

“Мана бу расмни чизиш керак. Қаранглар қанақа яхши! “дейди Каримов. Ана шундан кейин бу фотосуратга ранг берилиб¸ Беларусдаги гилам фабрикасида Гобелен қилиб тўқиттиришди. (Бу ҳикоя айни машваратда иштирок қилган марҳум рассом Тоҳир Миржалилов ва Баҳодир Жалол суҳбатларига асосланди - муаллиф).

Кейин эса Баҳодир Жалолнинг Туркистон саройига чизган фрескаси ва Баҳор ансамбли айвонидаги деворий расми ўчириб ташланди.

Мана бу мисраларни номаълум ҳаваскор шоир мақолам остига изоҳ сифатида қўйибди.

Эх саройлар саройлар,

ҳеч кимга вафо қилмаган

Оқ ва кўк саройлар.....

Саройларда тиз чўккан

Тилсиз малайлар..

25 июль 2014 йил, Прага шаҳри.

XS
SM
MD
LG