Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:07

Путин Қримга референдумдан олдин ўз ҳарбийларини киритганини тан олди


Россия Президенти Владимир Путин.
Россия Президенти Владимир Путин.


17 апрель куни Россия президенти Владимир Путин навбатдаги тўғридан-тўғри мулоқот ўтказди. Бир неча соат давом этган онлайн савол-жавоб давомида Владимир Путин Россиянинг турли минтақалари, жумладан аннексия қилинган Қрим ва Севастопол шаҳри аҳолиси саволларига жавоб берди.


Владимир Путин Украина шарқида юзага келган бўҳронда Россия қўшинлари ёки махфий агентлари иштирок этаётганига доир айбловларни “сафсата”, дея атади. 17 апрель куни ўтказилган россияликлар билан анъанавий очиқ мулоқоти чоғида Путин рўй бераётган воқеаларда “фақат маҳаллийлар” иштирок этмоқда, дея иддао қилди.

- Ҳаммаси сафсата. Украина шарқида ҳеч қандай Россия қўшинлари йўқ. У ерда Россия разведка хизмати ҳам, Россия сиёсий инструкторлари ҳам йўқ. Уларнинг ҳаммаси Маҳаллий фуқаролардир. Бунинг энг яхши далили бу одамларнинг ниқобларини ечиб ташлаганидир. Мен ғарблик ҳамкорларимга айтдим, бу одамлар ҳеч қаерга кетмайди, уларнинг борадиган бошқа жойи йўқ.

Унинг айтишича, Украина “аксилконтитуциявий давлат тўнтариши” юз бериши ортидан мамлакат шарқида маҳаллий аҳоли ўз тақдири борасида ташвишга тушган.

- Киев ҳукумати тинч аҳолига қраши танк ва ҳарбий авиацияни сафарбар қилишгача борди. Бу амалдаги Киев ҳукмдорларининг яна бир жиддий жиноятидир.

Россия, деди у, Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиш нияти йўқ эди. У ерда русийзабон аҳолига нисбатан реал “таҳдидлар” пайдо бўлиши Москванинг бундай йўл тутишига сабаб бўлди, деди у. Путин Қримда март ойида рейрендум ўтказилган пайтда маҳаллий ўзини ўзи мудофаа қилиш кучлари ортида Россия қўшинлари турганини тан олди. Шу пайтгача Путин бу гапларнинг тескарисини айтиб келаётган эди.

- Қрим бўйича аввалдан тайёрланган режа бўлмаган. Ҳаммаси вазият ривожи ва ўша пайтдаги эҳтиёжларга қараб, амалга оширилди. Лекин шунга қарамасдан, ҳаммаси юқори профессионал стандартларга мос тарзда амалга оширилди.

Москва вақти билан кундузги 12 да бошланган тўғридан-тўғри мулоқот Россиядаги барча марказий телеканаллар, радио ва Интернет тармоғи орқали жонли тарзда кўрсатилди¸ эфирга узатилди.

Кутилганидек, саволларнинг аксар қисми Украина ва Қрим масаласи ҳамда бу минталақалар билан боғлиқ халқаро можароларга бағишланди.

Биринчи саволга президент Путин Қримдаги вазиятни назорат қилиб турган қуролланган “яшил одамчалар” Россия Қуролли кучлари аскарлари эканини тан олди.

- Бизнинг вазифамиз - қримликларнинг эркин истак билдиришини таъминлаш эди. У ерда танклар ва миллатчилар бўлмаслиги учун Қрим ўзини-ўзи ҳимоялаш кучлари ортида бизнинг ҳарбийларимиз турди, деди Владимир Путин.

Олдинроқ, 4 март куни Украинадаги ҳодисалар масаласига доир бўлиб ўтган савол-жавобда Россия раҳбари “Қримдаги объектларни назорат остига олган камуфляж формасидаги қуролланган одамлар “маҳаллий ўзини ўзи ҳимоялаш кучлари” эканини билдирган эди.

Айни пайтда, Путин Россия ҳарбий қўшинларининг Украина шарқида мавжудлиги тўғрисидаги иддаоларни “сафсата”, деб атади ва қуролланган “яшил одамчаларнинг” маҳаллий руслар эканини маълум қилди.

Беркутчилардан бири “Сиз анчадан бери Януковични танийсизми? У доимо шундай сотқин ва нимжон бўлганми?” берган саволига Владимир Путин:

- Давлат раҳбарлигини ўз зиммасига олган шахс бўйнига жуда оғир мажбуриятлар юкланган. Виктор Фёдорович ўз вазифасини ўзи билганича бажарди. У билан Майдонда куч ишлатиш масаласи тўғрисида гаплашган эдик, аммо у ўз фуқароларига қарши ўт очиш буйруғини бера олмаслигини айтганди, деб жавоб берди.

Шунингдек, мулоқот бўлаётган студияга Қрим ва Севастополнинг қўшиб олиниши масаласида ўзгача фикрга эга мухолифат вакилларига савол беришга имкон берилди.

Сўзга чиққан собиқ сиёсатчи Ирина Хакамада Россияда ўзга давлат раҳбарияти, хусусан Путин фикрига қарши муносабат билдирган ахборот воситалари ва жамоатчилик арбобларига нисбатан бошланган ахборот уруши ва тазийқини тўхтатишни сўради.

Яна бир мухолифат етакчиси, миллиардер Михаил Прохоровнинг опаси Ирина Прохорова ҳам замонавий рус маданиятининг ҳукумат мафкура хизматкорига айлантирилаётгани жамият асосларига путур етказиши мумкинлигидан огоҳлантирди. “Бундай ҳаракатлар жамиятимизни қарама-қарши томонларга ажратиб юбормоқда”, дея фикр билдирди Ирина Прохорова.

Бунга жавобан, Владимир Путин Россияда Украина воқеалари ортидан зиёлиларга, айниқса ўзгача фикр билдирганларга нисбатан босим кучайганини сезмаётганини маълум қилди.

- Бизнинг зиёлиларимиз, шунчаки, қаршиликка кўрсатилишига ўрганмаган. Билишимча, айримлар ўз мамлакатига бу вазиятда мағлубият тилаётган экан. Бу яхши эмас. Лекин биз ўз фикрини эркин билдирган одамларни бадном қилишга йўл қўймаслик керак, деди Владимир Путин.

Путин Россия ҳарбийлари Украина шарқида мавжудлигини инкор қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:43 0:00

Путин Россиянинг Қримдаги ҳарбий интервенциясига, қисман, НАТОнинг кенгайиш режалари таъсир қилганини даъво қилди. Унинг айтишича, Россия НАТОнинг кенгайишидан қўрқмайди, лекин бунга жавоб бермасдан ҳам туролмайди.

Путин Киевда иқтидорга келган ҳукуматни нолегитим, дея атади, лекин айни пайтда улар билан мулоқотга тайёрлигини билдирди.

Россияликлар ўз раҳбарига мамлакатнинг иқтисодий, сиёсий, маданий ҳолати ва бошқа масалалар бўйича 1,5 миллиондан зиёд савол жўнатди¸ дея маълум қилди президент матбуот котибияти.

Матбуот хизматига кўра¸ юборилган саволларнинг энг кўп такрорланган ўнлигига болалар нафақалари, Қрим ва Севастопол масаласи, йўл қурилиши ва турар-жой хўжалиги масалалари кирган.
XS
SM
MD
LG