Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:16

Самарқандда йирик тадбиркор ва унинг хотини ўлдирилди


21 октябрь куни Самарқанд вилояти Самарқанд туманида яшовчи таниқли тадбиркор Шомурод Нурмаматов ва унинг рафиқаси ўз уйида ваҳшиёна ўлдириб кетилди. Қотиллар маҳаллий "олигарх"лардан бири саналган Нурмаматовнинг сейфларидаги пул ва қимматбаҳо нарсаларни ўғирлаб кетишган.

Воқеа тафсилотларидан хабардор манбанинг айтишича, Шомурод Нурмаматов пичоқлаб ўлдирилган, унинг хотини Гулзода Мамирова эса целлофан халта билан бўғиб ўлдирилган.

44 яшар тадбиркор Шомурод Нурмаматов ва унинг рафиқаси 38 яшар Гулзода Мамированинг жасади сешанба куни эрталаб уйидан топилди.

Самарқанддаги ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, қотиллик 21 октябрь куни кечқурун содир этилган.



Ҳозирда қотилликнинг неча киши томонидан амалга оширилгани маълум эмас.

Манба берган маълумотларга кўра, Нурмаматовнинг уйидаги барча сейф очилиб, ичидаги нарсалар ўғирланган. Шунингдек, уйдаги барча қимматбаҳо нарсалар ҳам ўғирлаб кетилган.

Қотиллик содир этилган куни Нурмаматовнинг фарзандлари Тошкентга кетган бўлган.

Самарқанд туман прокуратураси Нурмаматов ва унинг рафиқасининг ваҳшиёна ўлдирилиши юзасидан жиноят иши очган.

Озодлик манбасига кўра, тергов-суриштирув ишларига туман ҳуқуқ-тартибот идораларидан ташқари Самарқанд вилоят прокуратураси, Миллий хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳам жалб қилинган.

“Самарқанддаги барча катталар оёққа турган. Хабарларга кўра, Республика МХХси ва Ички ишлар вазирлигидан ҳам ходимлар келган. Шомурод Нурмаматовнинг уйи Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан қуршаб олинган. Бугун ҳам унинг уйи атрофидаги барча кўчалар ёпиб қўйилган. Барча сўроқ қилинаяпти. Икки кундирки, Шомурод билан хотинининг жасади қариндошларига берилмаяпти”, дея хабар йўллади Самарқанддаги манбамиз.

Марҳум Нурмаматов тадбиркорликнинг бир қанча йўналиши бўйича фаолият кўрсатиб келган.

Самарқанддаги Озодлик манбасидан келган маълумотда Шомурод Нурмаматовнинг ойлик даромади ўртача 700 000 АҚШ долларини ташкил этиши ёзилган.

“Шомурод нафақат туманнинг, балки Самарқанд вилоятининг олди бойларидан эди. Унинг ҳисобида 30 дан зиёд ёнилғи қуйиш шохобчалари (шундан 10 таси метан газ шохобчаси), 10га яқин тўйхона, Самарқанд-Жума йўналишида қатнайдиган 20 га яқин ГАЗЕЛ автомашинаси, вилоятнинг турли нуқталарида ўнлаб кўчмас мулк объектлари ва уйлари, ўнга яқин ишлаб чиқариш цехлари мавжуд эди”, деб ёзди манбамиз.

Айни пайтда Озодликда ушбу маълумотларни текшириш имкони йўқ.

Озодлик суҳбатлашган самарқандликларнинг айтишича, маҳаллий бойлардан саналган Нурмаматов қўли очиқ, саҳоватпеша инсон бўлган. Жумладан, у ўз маҳалласида масжид қуриб бергани айтилаяпти.
XS
SM
MD
LG