Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:22

Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасида бўлиниш юзага чиқди


Ўзбекистон Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Марат Зоҳидов.
Ўзбекистон Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Марат Зоҳидов.

Асосан фермерларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган Ўзбекистон Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси фаолларининг 12 феврал куни Тошкентда ўтган йиғилишида қўмита раиси Марат Зоҳидовнинг фаолияти қониқарсиз деб топилди ва у вазифасидан озод қилинди. Марат Зоҳидов бу йиғилишнинг легитим эмаслиги ва унга қарши провокация уюштирилганини айтмоқда.


Ўзбекистон Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси бир гуруҳ фаоллари йиғилиши 12 феврал куни қўмитанинг Тошкентдаги идорасида бўлиб ўтди.

Қўмита ҳуқуқшуноси Руҳиддин Комиловнинг Озодликка айтишича, бу йиғилишда 19 нафар фаол иштирок этган ва қўмита раиси Марат Зоҳидов фаолияти кўриб чиқилган:

- Энди гапнинг очиғи, бу ташкилот баъзи шахсларнинг хусусий чорбоғига айланиб қолган. Бу ташкилот деярли ишламаяпти. Мисол учун, биринчидан шу пайтгача бу ташкилотнинг ҳисоб рақами очилмаган? Бу қандай фаолият юритaяпти? Нега Адлия вазирлигида ўтирган мутасадди шахслар бунга бепарво қараб ўтирибди?

Иккинчидан, устав бўйича ҳар уч йилда мажлис ўтказилиши ва раис ҳисоботи тингланиши керак. Суриштирсак, 15 йилдан буён мажлис ўтказилмаган экан. Бир марта қурултой бўлганини эски аъзолар айтишди. Қўмита бўлимлари аксарият вилоятларда тузилмаган. Мени назаримда, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган демократик ташкилот бир кишининг қош-қовоғига қарайдиган тоталитар ташкилотга айланиб қолди, дейди Руҳиддин Комилов.

Тошкентда ўтказилган йиғилиш қарорига кўра, Марат Зоҳидовнинг қўмита раиси сифатидаги фаолияти қониқарсиз деб топилди ва у вазифасидан озод қилинди.

Қўмита раислигига қўмитанинг Хоразм вилояти бўлими раҳбари бўлиб ишлаган Равшан Гаппаров сайланди.

Равшан Гаппаров Озодлик билан суҳбатда сўнгги йилларда Марат Зоҳидов қўмитани ўз ҳолига ташлаб қўйгани, ҳуқуқ фаолларининг моддий аҳволига эътибор бермаётгани ҳақида гапирди:

- Марат Зоҳидов қўмитани ўз ҳолига ташлаб қўйган, мен яхши биламан¸ 10 йилдан буён у бир мажлис ўтказиб ҳисобот ҳам бермади, аҳволларинг қандай деб ҳам сўрамади. Биз ҳозир шахсий энтузиазм билан одамлар ҳуқуқларини ҳимоя қилаяпмиз, чўнтагимизда бир тийинимиз йўқ. У қанча грант олган, қанча пул олган ҳеч нарсани айтмайди. Бу пуллар жамоатчилик учун берилганку. Бизларга компютер олиб бериши керак, бизларни ишонтириши керак. Бошқа ҳеч қандай масалаларда бизларга ёрдам ҳам бермайди. Қўлламайди ҳам. Шундай экан биз ҳам уни қўлламаймиз, деди Равшан Гаппаров.

Айни пайтда Францияда бўлган Марат Зоҳидов Озодлик билан суҳбатда унинг лавозимидан бўшатилгани ҳақидаги ҳаракатни “провокация” деб атади:

- Улар йиғилиш ўтказган бўлса менга нима, ўтказаверишсин, барибир ноқонуний. Гаппаровдан бошқа ким у йиғилишда қатнашганини ҳам билмайман. Мен шу пайтгача бир тийин грант олганим йўқ. Мен жинни эмасман шу давлатда яшаб яна грант олишга. Бизнинг ташкилотда фақат волонтёрлар ишлайди. Ҳеч кимга ойлик ҳам бермаймиз, деди Марат Зоҳидов.

Марат Зоҳидов қўмита фаолларининг “раис йиғилиш ўтказмаяпти, ҳисобот бермаяпти” деган иддаоларида ҳам асос йўқлигини айтади:

- Йўқ, йўқ, бу нотўғри. Биз ҳамма вақт мажлис ўтказяпмиз. Любой одам келиб қатнашиши мумкин эди мажлисларимизда. Ҳозир эса ҳақиқатан ҳам катта мажлислар ўтказишга рухсат йўқ, чунки Ўзбекистондаги шароитни ўзингиз яхши биласиз. Лекин менинг қўмита аъзоларига ҳисобот беришим шарт эмас. Менга улардан ҳам ҳисобот керак эмас. Мен вилоятларда бўлимлар очганман, улар жойларидаги Адлия бошқармаларига ҳисобот беради. Бизда иш жуда оддий. Одамлар ариза ёзади. Биз аризани кўриб ё ёрдам берамиз, ёки отказ берамиз¸ деди Марат Зоҳидов.

Ўзбекистон Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Марат Зоҳидовнинг биринчи ўринбосари Абдуқодир Назаров ҳам Озодлик мухбири билан суҳбатда Тошкентда ўтказилган йиғилишни "нолегитим" дея баҳолади:

- Бизга бир-иккита провакаторлар кириб қолганди. Биз уларни аъзоликдан ҳайдаб юборгандик. Ўшалар ўзларича тўпланишиб ёлғон маълумот тарқатишаяпти. Бизнинг 500 дан ортиқ аъзомиз бор. У ерда эса 7-8та одам йиғилган холос. Дунё қонунлари бўйича ҳам агар Марат Зоҳидовни ишдан олишмоқчи бўлса, ёки унинг аризаси керак, ёки бўлмаса унинг ўзи шу мажлисда иштирок этиши ва бу масала муҳокама қилиниши керак. Бу ғирт ғайриқонуниний ҳатти-ҳаракатдир, деди Абдуқодир Назаров.

Марат Зоҳидов раҳбарлик қилаётган Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси 1996 йилда Ўзбекистон Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилган.

Марат Зоҳидов 2003 йилда "Аграрлар ва тадбиркорлар партияси"ни ҳам тузган эди. Бироқ бу партия Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинмаган.
XS
SM
MD
LG