Линклар

Шошилинч хабар
28 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:19

Қочқин имомнинг суди яна қолдирилди


Ўзбекистон сўрови билан Бишкекда қўлга олинган собиқ имом Ҳабибулло Сулаймоновнинг бошпана изловчи шахс мақоми сўраб БМТнинг Қочқинлар иши бўйича Олий комиссарлигига киритган аризаси рўйхатга олинди. Шунга қарамай Қирғизистон Бош прокуратураси Сулаймоновни ҳибсда сақлаш муддатини 16 мартгача узайтиришга ҳаракат қилмоқда.

Ўзбекистонлик собиқ имом Ҳабибулло Сулаймоновни Тошкентга қайтариш масаласида 12 феврал куни ўтиши лозим бўлган суд жараёни яна бир ҳафта ортга сурилди. Шу билан мазкур жараён учинчи марта қолдирилмоқда.

Ҳабибулло Сулаймоновнинг адвокати Токтогул Абдиевнинг айтишича, 12 феврал куни иккита суд жараёни ўтиши лозим эди. Лекин адвокат бу жараёнларни ортга суришни талаб қилган.

- Биринчи жараён Бишкек шаҳар судида ўтиши керак эди. Мен бу судда Бош прокуратуранинг Сулаймоновни Ўзбекистонга қайтариш тўғрисидаги қарори ғайриқонуний эканини исботлашга ҳаракат қилаяпман. Иккинчи жараён 12 феврал куни кечқурун бўлиб ўтди. Унда Бош прокуратура ноқонуний равишда Сулаймоновни ҳибсда сақлаш муддатини 16 мартгача узайтирмоқчи бўлди. Бу икки жараён ҳам менинг талабим билан кейинги ҳафтага қолдирилди, -деди Токтогул Абдишев.

Адвокатнинг айтишича, Сулаймоновни ҳибсда сақлаш муддати Қирғизистон қонунчилигида белгиланган меъёрдан ошиб кетган. Шунинг учун уни ҳибсдан озод қилиш лозим бўлади. Аммо Бош прокуратура қонун талабини бузган ҳолда Сулаймоновни яна бир ой ҳибсда қолдирмоқчи бўлаётир.

Ҳабибулло Сулаймонов 2012 йилнинг 19 ноябрида бошпана изловчи шахс мақомини бериш илтимоси билан ариза киритган эди. Токтогул Абдиев бу ариза 8 феврал куни БМТнинг Қочқинлар иши бўйича Олий комиссарлиги томонидан рўйхатга олинганини билдирди:

- Бош прокуратура, Миллий хавфсизлик хизмати, Олий Суд, шаҳар судига Қочқинлар иши бўйича Олий комиссарлик Сулаймоновннинг аризаси рўйхатга олингани ва ўрганилаётгани ҳақида расмий мактуб жўнатди. Бу хатларнинг нусхасини менга беришди, -деди Токтогул Абдиев.

Қирғизистон Бош прокуратураси Ҳабибулло Сулаймонов иши юзасидан қўшимча тафсилотлар берилмаслигини билдирди. Бош прокуратура расмийси Алманбет Абдраманов Сулаймоновнинг адвокати билдирган маълумотлар юзасидан ҳам шарҳ бера олмаслигини айтди:

- Бизда ҳозир ҳеч қандай қўшимча маълумотлар йўқ. Маълумотлар пайдо бўлиши билан биз уларни жамоатчиликка етказамиз. –деди Алманбет Абдраманов.

Тошкентдаги масжидлардан бирининг имоми бўлган Ҳабибулло Сулаймонов таъқиблардан қочиб, 2001 йили Бишкекка келгани ва бу ерда савдо-сотиқ билан шуғуллангани айтилади. Сулаймонов ўтган йил октябр ойида Ўзбекистоннинг сўровига кўра Бишкекда қўлга олинган.

Декабр ойида Қирғизистон Бош прокурори Ўзбекистонда диний экстремизм билан боғлиқ жиноятларда айбланаётган собиқ имомни экстрадиция қилиш тўғрисида қарор чиқарган. Сулаймонов Бош прокурорнинг қарори юзасидан апелляция судига мурожаат қилиб, Қирғизистондан сиёсий бошпана берилишини сўраган.

Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун, бир қатор бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячилари, Ҳюман Райтс Уотч халқаро ташкилоти, Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази Бишкек расмийларини собиқ имом Ҳабибулло Сулаймоновни Ўзбекистонга экстрадиция қилмасликка чақирган.
XS
SM
MD
LG