Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:11

Янеш Ленарчич: "Ҳамкорлик самарасига умидвормиз!"


Озодлик билан суҳбатда ЕХҲТ расмийси¸ Тошкент учрашувларидан қаноатланганини билдирди.
Озодлик билан суҳбатда ЕХҲТ расмийси¸ Тошкент учрашувларидан қаноатланганини билдирди.

Узоқ йиллик танаффусдан сўнг илк бор Тошкентга келган ЕХҲТ қошидаги Демократик тизимлар ва инсон ҳуқуқлари идораси раҳбари Ўзбекистон расмийлари билан учрашувларидан сўнг Озодликка ана шундай некбин баëнот берди.

Тошкентга сафар қилган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти қошидаги Демократик тизимлар ва инсон ҳуқуқлари идораси раҳбари Янеш Ленарчич қатор инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва журналистларнинг Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётганидан ташвиш билдирди. ЕХҲТ вакили узоқ йиллик танаффусдан кейинги илк сафарини расмий Тошкент билан ҳамкорлик йўлидаги муҳим қадам деб атади.

8 сентябр куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов, Олий мажлис Қонунчилик палатаси спикери Дилором Тошмуҳаммедова ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидовлар билан учрашган Ленарчич Ўзбекистоннинг ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни бажаришга кўмаклашиш масаласини муҳокама этди.

Озодлик саволларига Тошкентдан туриб жавоб қайтарган жаноб Ленарчич Ўзбекистон расмийлари билан ўтказган сўзлашувларига ижобий баҳо берди.

Янеш Ленарчич: Ҳа¸ қандайдир маънода бу учрашувлардан қониқиш ҳосил қилдим. Кўп йиллик танаффусдан сўнг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти қошидаги Демократик тизимлар ва инсон ҳуқуқлари идораси раҳбарининг Тошкентга келиши жуда муҳим қадамдир.

Иккинчидан¸ мен мезбон давлат ҳукуматининг биз билан бир қатор масалаларда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини кўрдим. Мисол тариқасида¸ мамлакат қонунчилигини қайта кўриб чиқиш, террорчиликка қарши курашда инсон ҳуқуқларига риоя этиш, инсон ҳуқуқларига оид таълим ва малака, одам савдосига қарши кураш каби соҳаларни келтиришим мумкин.

Озодлик: Жаноб Ленарчич¸ сафарингиздан бир муддат аввал Ўзбекистонда бир неча инсон ҳуқуқлари ҳимоячисининг ҳибсга олингани ҳақида хабар пайдо бўлган эди. Айнан ЕХҲТ ҳам озод этилишни сўраб келаëтган журналист Дилмурод Саййиднинг апелляцияси ҳозирча натижа бергани йўқ. Мана шу вазиятга муносабатингиз қандай?

Янеш Ленарчич: Ушбу ҳибсга олишлардан биз хавотирдамиз. Улардан бир нечтаси июл ойида содир этилди. Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билан музокаралар давомида мен айрим инсон ҳуқуқлари фаолларининг амнистия қилинганини айтдим, аммо бошқа томондан мамлакат қамоқхоналарида ҳамон бир қатор журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг қолаётганидан ташвиш билдирдим.

Озодлик: Биз хавотирдамиз дер экансиз, ўзбек расмийларининг бунга жавоби қандай бўлди?

Янеш Ленарчич: Энди… Биласизми, аниқ бир жавоб бўлгани йўқ. Шунга қарамасдан¸ менимча¸ уларнинг биз билан ҳамкорлик қилишга тайёрлиги муҳимдир. Ҳамкорлик давом этар экан¸ биз муаммолар ҳақида Ўзбекистон ҳукуматига айта оламиз.

Озодлик: Ўзбекистон ҳукумати демократик ислоҳотларни ўтказиш ёки бугунги вазиятни ўнглашга доир қандайдир ваъдалар бердими?

Янеш Ленарчич: Улар мамлакатда демократик ислоҳотларни ўтказиш, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини таъминлаш бўйича олган мажбуриятларига содиқлигини айтишди. Аммо айни пайтда улар Ўзбекистоннинг ўзига хос тарихи ва менталитети борлигига ишорат қилишди. Бунга жавобан мен бу омиллар Ўзбекистоннинг ЕХҲТ доирасида олган мажбуриятларини камайтирмаслигини таъкидладим.

Менинг айтганим шу бўлдики, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги Ғарб мажбуран тиқиштираётган қадриятлар эмас, балки ЕХҲТ га аъзо бўлиш чоғида Ўзбекистон бажаришни ихтиёрий равишда ўз зиммасига олган мажбуриятлардир.

Озодлик: Жаноб Ленарчич¸ суҳбатимиз аввалида Ўзбекистон ҳукуматининг ЕХҲТ га муносабати ўзгараяпти¸ деб айтдингиз. Сизнингча¸ нима боис айнан шу кунларда Тошкент билан алоқаларни яхшилаш имкони туғилди?

Янеш Ленарчич: Муносабат ўзгараётгани ёки ўзгармаётгани ёки нақадар ўзгараётганини айтиш мен учун қийин. Айтганимдай, менинг ташрифим узоқ йиллар ўтиб амалга оширилаяпти ва бу Тошкентнинг биз билан ҳамкорлик қилиш нияти борлигини кўрсатади. Мен бу ҳамкорлик қачон ва қандай натижаларни беришини айта олмайман. Мен фақатгина яқин орада ҳамкорлигимиз самарасини кўришга умид қиламан.

Озодлик: Айрим танқидчилар фикрича, ЕХҲТ нинг Тошкентдаги миссияси мутлақо ҳеч нарсага ярамаяпти ва фақат Ўзбекистон ҳукумати кўрсатмалари асосида фаолият юритаяпти. Бу ҳолат ўзгариши мумкинми?

Янеш Ленарчич: Авваламбор берилаётган бундай баҳога мен қўшилмайман. Яна бир нарсани таъкидлашни жоиз деб топган бўлардим. Тошкентдаги ЕХҲТ дастурлари мувофиқлаштирувчиси офиси мезбон мамлакат розилиги асосида фаолият юритади ва бунда ҳеч қандай ғайриоддий ҳолат йўқ. ЕХҲТ қошидаги Демократик тизимлар ва инсон ҳуқуқлари идораси эса¸ мутлақо бошқа асосда фаолият юритади. Тошкентдаги миссиямиз Ўзбекистон ҳукумати билан яқиндан ишлаётган бўлса ҳам улар ишлаётган лойиҳалар бўйича ютуқлар йўқ эмас.

Озодлик: Ўзбекистонда ўтказилган аввалги барча сайловларни сизнинг идорангиз “нодемократик” деб топган эди. Сўнгги бор бундай баҳо Ислом Каримов учинчи муддатга президент этиб сайланганидан сўнг берилган эди. Жорий йил охирида Ўзбекистонда парламент сайловлари ўтказилади. Уларнинг аввалгиларидан фарқ қилишига ишонасизми?

Янеш Ленарчич: Бизнинг идорамиз Ўзбекистондаги сайловларни уч марта 1999, 2004 ва 2007 йилларда кузатган. Гапингиз рост. Ҳар бир сайловга берган баҳомиз салбий бўлган. Сайловлар ёки демократик қадриятлардан анча йироқ деб топилган ёки президентлик сайлови мисолида сайловлар муносиб рақибларсиз ўтказилган. Декабр ойида бўлажак сайловларга аввалдан баҳо бера олмайман. Аммо биз Ўзбекистон ҳукуматидан бу сайловни кузатиш учун ҳам таклифнома жўнатилишини кутиб қоламиз.
XS
SM
MD
LG